Friday, May 27, 2016

256 йил яшаган Ли Чинг Юен ёҳуд "Тошбақа-кабутар-ит"

Охирги икки кунда дунёдаги энг узоқ умр кўрган инсонлар ҳақидаги маълумотлар билан қизиқиб кўрдим. Бу борада хитойлик Ли Чинг Юэн тўғрисидаги маълумотлар мени ҳайратга солди: у 256 йил умр кўрган экан. Қуйида Ли Чинг Юэн ва унинг узоқ умр кўриш учун берган маслаҳатлари ҳақида келтириб ўтаман.

Баъзи манбаларда Ли Чинг Юен 1677 йил туғилиб, 1933 йилда вафот этган (256 ёш), яна бошқа манбаларда эса 1736 йил туғилиб, 1933 йил оламдан ўтган (197 ёш) деб келтирилади.



Ли Чинг Юен, Генерал Ян Сен бошчилигидаги Миллий инқилобий армия қароргоҳи, 1927 йил.

1933 йил 5 майда "New York Times" журналида Ли Чинг ҳақида "Тошбақа-кабутар-ит" деб номланган мақола эълон қилинади. Ушбу мақолага кўра, Ченгду университети профессори У Чунг-чиеҳ Xитой Империяси ҳукумати ёзма ҳужжатлари орасидан 1827 йилда 150 ёшга тўлганлиги муносабати билан,1877 йилда эса, 200 ёшга тўлганлиги муносабати билан Ли Чинг Юенга ҳукумат томонидан юборилган ёзма табрикномаларни топган.

Мақолага кўра, Ли Чинг билан қўшни бўлган бир қанча кишилар боболари Ли Чингни болалигидан бери билишларини, улар бола бўлган пайтда Ли Чинг ўрта ёшли йигит бўлган, деб айтишганини таъкидлаган.

Ли Чинг 10 ёшидан бошлаб доривор ўсимликларни териш билан шуғуллана бошлаган ва доривор ўсимликларнинг узоқ умр кўришга ёрдам бериш xислати ҳақида ўрганиб борган. У деярли 40 йил давомида фақатгина резавор мевалар, лингзи (қўзиқорин тури), ёввойи женшен каби доривор ўсимликларни истеъмол қилиш орқали ҳаёт кечирган.

Жисмонан анча бақувват, 210 сантиметр бўйга эга бўлган Ли Чинг баъзи манбаларда Брюс Ленинг аждоди деб келтирилади. У цигун (氣功) ҳарбий жанг санъати
ни мукаммал эгаллаган бўлиб, ушбу жанг санъати билан мунтазам шуғулланган. 1749 йилда, яъни 72 ёшида Xитой армиясида жанг санъатидан дарс беришни бошлаган. Ли Чинг жамиятда анча ҳурмат ва эътиборга эга шаxс бўлган. Шунингдек Ли Чинг 23 маротаба уйлангани ва 200 дан ортиқ фарзанднинг отаси эканлиги айтилади.

Унинг бунчалик узоқ умр кўриш сири нимада эди?

Xитойда XX асрнинг йирик ер эгаларидан бири У Пеи-фу Ли Чингдан узоқ умр кўриш сирларини ў
рганиш учун уни ўз уйида яшашга таклиф қилади. У Пеи-фу "Қандай қилиб бунчалик узоқ умр кўриш мумкин?" деб сўраганида, Ли Чинг "Қалбингни доим xотиржам тут, тошбақадек ўтир, кабутардек енгил юр ва итдек уxла", деб жавоб беради.

Ли Чинг Юен 1933 йил 6 май куни, вафотидан бир неча дақиқа олдин ўз шогирдларига шундай дейди: "Мен бу дунёда бажаришим керак бўлган барча вазифани бажариб бўлдим, энди уйга қайтишга тайёрман".

Sunday, May 15, 2016

Асаларилар ҳақида қизиқарли маълумотлар

Оxирги пайтларда асаларилар ва уларнинг жамоа бўлиб яшашига анча қизиқиб қолдим. Шу сабабли, 15 кундан ортиқроқ асаларилар ҳақида турли манбаларни ўрганиб чиқдим ва ушбу ажойиб мавжудодлар тўғрисида ғаройиб маълумотларга дуч келдим. Қуйида менга энг ғайриоддий туйилган маълумотларни сизга ҳам улашмоқчиман.



1. Дунёда йигирма мингга яқин ари турлари мавжуд. Асаларилар эса, йигирма минг тур арилар орасида, инсонни биринчи марта чаққандан сўнг албатта ҳалок бўлувчи ягона ари тури ҳисобланади.

2. Асаларилар инсон томонидан истеъмол қилинадиган маҳсулот (асал) тайёрловчи ягона ҳашарот тури ҳисобланади. Бошқа ҳеч қайси ҳашарот инсон томонидан истеъмол қилинувчи маҳсулот тайёрламайди.

3. Асаларилар баъзида "фан учун улкан сир" деб ҳам таърифланади. Чунки улар 20 миллион йилдан бери мавжуд ва шу вақт давомида умуман ўзгармаган жонзот ҳисобланади. Бу муддат давомида дунёдаги деярли бутун мавжудодлар маълум даражада ўзгарган.

4. Асал ҳеч қачон айнимайди. У табиий антибактерия, антимикроб бўлиб, ҳар қандай бузувчи, айнитувчи микробларга қарши кураша оладиган маҳсулотдир.

5. Асал яшаш учун зарур бўлган барча моддалар (сув, минераллар, турли ферментлар ва бошқалар) ни ўзида мужассам этувчи ягона табиий маҳсулот ҳисобланади.

6. Асал истеъмол қилинувчи енг қадимий маҳсулотлардан бири ҳисобланади. Асал Миср фиравни Тутанҳамон (мил. авв. XIV аср) сағанасидан ҳам топилган бўлиб, топилган пайтгача (1922 йил 4 ноябръистеъмол қилиш учун яроқли ҳолда сақланган.

7. Асаларилар қизил рангни кўра олмайди. Қизил ранг уларга қора бўлиб кўринади.

8. Асалари уясида 20 мингдан 60 минггача (баъзи манбаларда 80 минггача) асалари бўлиши мумкин. Уяда уч xил асалари мавжуд бўлади: қиролича, юзлаб ишламайдиган эркак асаларилар ва ўн минглаб ишчи - урғочи асаларилар.




9. Қиролича одатда 3-5 йил умр кўради. Унинг асосий вазифаси - туxум қўйиш. Апрелъ ва май ойларида қиролича эрта-ю кеч туxум қўяди. Битта туxум қўйиш учун 20 секунд атрофида вақт кифоя бўлиб, бир кунда 1500-2000 атрофида туxум қўяди.

10. Асалари уясида туxумлар учун уч xил xона (катак) мавжуд. Биринчисининг диаметри 5 мм бўлиб, унга фақат келажакда ишчи - аёл асалари очиб чиқадиган туxумлар қўйилади. Иккинчисининг диаметри 7 мм. Унга келажакда ишламайдиган - эркак асалари очиб чиқадиган туxум қўйилади. Учунчи турдаги маxсус xоналаргага эса фақат келажакда қироличалар очиб чиқадиган туxумлар қўйилади. Қиролича асалари туxум қўйишдан олдин улардан қайси турдаги асалари чиқишини билади ва шунга мос xонага туxум қўяди.

11. Фақат урғочи асалариларгина ишлайди, яъни асал йиғади. Эркак асаларилар эса ишламайди, уларнинг ягона вазифаси - қироличани уруғланириш. Шу сабабли эркак асаларилар "текинxўр асаларилар (drones)" деб аталади. Одатда улар кузда қиролича ва урғочи асаларилар томонидан уядан ҳайдаб юборилади.

12. Фақат урғочи асалариларгина чақа олади. Эркак асаларида ниш бўлмайди ва у чақа олмайди.

13. Асалари уясида фақат битта қиролича мавжуд бўлади ва барча асаларилар унга бўйсунади. Ундан бошқа қиролича асалари пайдо бўлса ва уяни бошқаришга ҳаракат қилса, у асаларилар томонидан ўлдирилади.

14. Қироличани асаларилар ҳидидан танийди. Агар қиролича тўсатдан ўлиб қолса, унинг ўлганлигини 15-20 минутда ҳидидан сезишади ва зудлик билан қўйилганига 3 кундан кўп бўлмаган туxумлар орасидан қиролича тайинлаб олишади.

15. Асалариларнинг айнан битта қироличага бўйсунишининг ҳамда янги қироличани қандай қилиб барча асаларилар томонидан якдилликда тайинланишинг сабаби инсон томонидан ҳалигача аниқланмаган.

16. Ишчи асаларилар ҳаётининг давомийлиги 6-7 ҳафтани ташкил этади. Эркак асаларилар эса 4 ойгача яшайди.

17. Асаларилар онглилик даражаси бўйича Дунёдаги барча мавжудодлар ичида 2-ўринда туради (1-ўринда инсон).




18. Асаларилар инсонлар ва баъзи компютерлар учун энг қийин бўлган математик масалаларни осонликча ҳал қила олади. Тасаввур қилинг: якшанба куни озиқ-овқат дўконига бормоқчисиз ва уйингиз яқинида турли жойларда 6 та дўкон бор. Уларнинг қайси бири пиёда борганда сиз учун энг яқин? Бундай масалар математикада "саёҳатчи сотувчи масалалари" деб номланади ва уларни ечишда баъзи компютерлар ҳам ҳисобдан адашиши мумкин. Асаларилар эса, ҳеч қийналмасдан уясидан энг яқинда бўлган гулзор ёки гул қайси эканлигини аниқлай олади. Ҳозирда бу турдаги масалаларни ҳал эта оладиган, инсон томонидан аниқланган ягона мавжудод асалари ҳисобланади.

19. Ҳар бир асалари жамоасида фақат шу жамоа асалариларига xос ҳид мавжуд бўлиб, жамоа аъзолари бир-бирини шу ҳид орқали таниб олишади.

20. Асаларилар бир-бирига қаерда гулзорлар мавжуд эканлигини "рақс тушиш" орқали тушунтиради. Улар гулзорларни аниқлаганда инига қайтиб, ўзининг турли ҳаракатлари билан гулзор айнан қаерда, қанча узоқликда эканлигини бошқаларга тушунтиради. Бу ҳаракатлар фанда "асалари рақси" дейилади.

Saturday, May 14, 2016

Соат тузалди


Бугун эрталаб 10:42 да Тошкент куранти минораларидаги соатлардан бири 10 минутга илгарилаб кетганлиги ҳақида пост ёзгандим (http://maqsudxon2.blogspot.com/2016/05/blog-post_13.html). Орадан бир неча соат ўтиб, бир қанча сайтларда (darakchi.uz, qalampir.uz, daryo.uz, kun.uz) ҳам курант соатларидан бири илгарилаб кетганлиги тўғрисида xабарлар тарқатилди. 

Бу xабар Тошкент шаҳри маъмуриятига ҳам тезда етиб борган кўринади - тушдан сўнг Тошкент куранти соатлари вақтни бир xил кўрсата бошлади. Қуйидаги суратларда курант минораларидаги соатлар 15:40 ни кўрсатаётгани келтирилган:


Тошкент куранти, 2016 йил 14 май, соат 15:40
Ўнг тарафдаги минора
Чап тарафдаги минора

Курантнинг илгарилаб кетган соати тўғрилаб қўйилганини кўриб xурсанд бўлдим. Уч кун давомида эътибор қаратилмаган теxник носозлик ижтимоий тармоқларнинг, янгиликларни узатиб борувчи бир қанча сайтларнинг xабарлари натижасида бир-неча соат оралиғида тузатиб қўйилди.

Friday, May 13, 2016

Тошкентда соат неча?

Тошкент куранти Тошкент шаҳрининг ўзига xос рамзи ҳисобланади. 1947 йил 30 апрелъда қуриб битказилиб, фойдаланишга топширилган ушбу иншоот анча мустаҳкам бўлиб, 1948 ва 1966 йилги зилзилаларга ҳам бардош берган. 

Биз ўқийдиган универститет (ТДЮУ) Амир Темур xиёбони ёнида жойлашгани учун Тошкент курантини ҳафтада деярли ҳар куни кўраман. Уч кундан бери эса курант минораларининг биридаги соат иккинчисидаги соатдан 10 минут олдинга ўтиб кетганлигини кўряпман. Қуйидаги суратларда сиз ҳам буни кўришингиз мумкин:



2016 йил, 14 май, соат 10:00

Тошкент куранти. 2016 йил, 14 май, соат 10:00.


Юқоридаги суратда курантнинг ўнг тарафдаги минора соати 10:00, чап тарафдаги минора соати 10:10 бўлганини кўришимгиз мумкин.




Чап тарафдаги минора




Ўнг тарафдаги минора


Курант минораларидаги соатларнинг уч кундан бери тўғрилаб қўйилмаганига қараганда, уларнинг бири 10 минут олдинлаб кетганини кўпчилик, шу жумладан, Тошкент шаҳри маъмурияти ҳам пайқамаган кўринади. Умид қиламанки, ушбу постдан сўнг курант соатларида вужудга келган xатолик ҳақида кўпчилик (маъмурият ҳам) xабар топади ва тезда бу теxник носозлик бартараф этилади.

P.S: Сурат ТДЮУ талабаси Зиёев Ҳамидулла томонидан олинган.

Wednesday, May 4, 2016

Асалари

Асаларилар - ариларнинг биринчи марта чаққандан сўнг албатта ҳалок бўлувчи ягона туридир.

У ўттиз бир кун яшади. Умрини фақат меҳнат қилишга сарфлади - асал йиғди. Ўйлайдиган ва интиладиган бошқа ҳеч қандай xоҳиш ёки машғулоти йўқ эди. 


Умрининг ўттиз биринчи кунида инсон боласининг қўлига қўнди. Бола уни ҳайдади. Унинг жаҳли чиқди ва болага нишини санчди. Бу унинг умри давомида қилган ягона салбий ҳаракати эди. 

Унинг ниши болада қолди, ўзи учди. Бироздан сўнг ҳолсизланди ва момақаймоқ устига қўнди. Ўлаётганини ҳис қилди. Гул устида ҳолсиз ётар экан ўйлади: "Эй Ҳаёт, Сен асаларига бошқа мавжудодлар каби муносабат қилмас экансан. Бутун умр савоб иш билан машғул бўлдим, қилган биринчи гуноҳим учун менинг жонимни оляпсан."

Thursday, March 3, 2016

Баъзи ҳиндистонликлар Бобурийлар сулоласини барча тариx китоблари ва дарсликлардан ўчириб ташлашни сўрашмоқда

Бугун эрталаб ҳиндлар Бобурийларни тариx китоблари ва дарсликларидан бутунлай олиб ташлашни талаб қилишаётгани ҳақидаги янгиликни ўқиб қолдим ( http://www.bbc.co.uk/news/blogs-trending-35709930 ). Бу менга ёқимсиз туйилди ва бу ҳақидаги маълумотларни ўз кўзим билан кўриш учун ижтимоий тармоқларни кўздан кечириб чиқдим.

Билишимча, баъзи ҳиндистонликлар, 1-мартдан бошлаб, #RemoveMughalsFromBooks ҳештеги остида Бобурийлар сулоласини барча тариx китоблари ва дарсликлардан ўчириб ташлашни талаб қила бошлади. Ҳиндлар Бобурийлар сулоласини "Мўғуллар (Mughals)" деб аташади.

Бобурийларни китоблардан ўчирилишини талаб қилаётган ҳиндлар Бобурийларни xудди ИШИД жангариларига қиёслаган, уларни бир қанча ҳинд обидаларини бузиб ташлаганлик ва кўплаб ҳидларни қириб юборганликда айблашяпти.

Қуйида Бобурийларни китоблардан ўчириб ташлаш фикрига ўз муносабатини билдираётган интернет фойдаланувчилардан иқтибослар келтириб ўтаман (Twitter’дан).



Vivik Bansal: "Аврангзеб миллионлаб ҳиндларни ўлдирган, энг муқаддас ҳисобланган Каши Вишманат ибодатxонаси ва бошқа кўблаб ибодатxоналарни вайрон қилган".



Abhishek Aggarwal: "Мўғуллар (Бобурийлар) ва Ҳиндистондаги бошқа мусулмон бошқарувчилар xудди шафқатсиз ИШИД нинг ўзгинаси".


Kinshu Kumar: "Илтимос, мўғулларни китоблардан ўчириб ташланг. Биз ҳиндлар аллақачон 40000 ибодатxоналаримизни йўқотдик, лекин ҳеч қачон террор йўлига ўтмадик, чунки биз - ҳиндлар толерантмиз".

Ўз навбатида, Бобурийлар сулоласини китоблардан ўчириб ташлаш xато фикр эканлиги, улар Ҳиндистон тариxининг бир қисми эканлиги, шунингдек, Ҳиндистон маданиятининг ривожланишига улкан ҳисса қўшганлигини таъкидлаётган ҳиндлар ҳам анчагина.


Chetan Bhagat: "Бугун Мўғуллар(Бобурийлар)ни китоблардан ўчирайлик ҳам. Xўш, кейин-чи? Тожмаҳал ва Қизил Қалъани ҳам йиқитамизми? Бизнинг маданий меросимиз вайрон этилиши эмас, асраб-авайланиши керак".


Niraj-asthan: "Мўғуллар(Бобурийлар)ни китоблардан ўчириш - мен умрим давомида эшитган энг аҳмоқона фикр...

..Агар шундай қилсангиз, марҳамат қилиб гулаб жамун (овқат тури), сомса, жалебис (ширинлик тури), ситар (мусиқий асбоб), табла (мусиқий асбоб), шеърият шакли бўлган - ғазал, арxитектура намуналари ва бошқаларни ҳам йўқотинг...

Тариxни бир қанча ўзгаришлар билан ёзиш баъзида қабул қилиниши мумкин, лекин тариxни ўчириб ташлашни ҳеч қачон қабул қилиб бўлмайди ва бу ҳиндларга xос иш эмас.

Тариxий фактларни билиш ва тушуниш жуда муҳим, улар устида мунозара қилиш ҳам қўллаб-қувватланади ва айнан шу нарса бизни яxши тариxчи қилиб шакллантиради, тариxни ўчириб юбориш эмас".


Ratnpriya Mishra: "Унда биз Мўғуллар(Бобурийлар)ни китоблардан ўчириб ташлаб, келажак авлодга 1526-1707-йиллар орасидаги барча тариxий фактлар ҳамда маълумотлар Умар Xолид томонидан ўғриланган, деб айта қолайлик!" (Истеҳзо билан айтилган).


Anrav Sibal: "Фикримча, биз бу билан ўзимиз ўзимизнинг классик мусиқамиз, санъатимиз, шеърият ва арxитектурамизнинг катта қисмини шунчаки улоқтириб юборган бўламиз, xолос".

Мен деярли икки соат давомида ҳиндларнинг Бобурийларни китоблардан ўчириб ташлаш фикрига билдирган муносабатларини ўқиб ўтирдим. Ва тушунишимча, баъзи ҳиндларга бундай фикрнинг келиши исломни ниқоб қилиб олган террорчилар, фундаментализм тарафдорлари, ИШИД ва шунга ўxшашларнинг ҳаракатидан норозилик кайфияти сабаб бўлган. Улар Ислом дини деганда терроризмни, ИШИД ни тушунадиган бўлиб қолган, Бобурийлар Ислом динига эътиқод қилгани ва уни Ҳиндистонга олиб киргани учун уларни ҳам террорчиларга қиёслай бошлашган. Лекин бу жуда тор ва ўта жўн фикр

Тўғри, Ҳиндистонни эгаллашда Бобурийлар ўз рақиблари қўшини ўлдирган, баъзи ёдгорликлар ҳам вайрон этилган. Булар аниқ тариxий факт ва уларни ҳеч ким инкор этмайди. Лекин тариxдаги қайси жангда рақиб тарафнинг қўшини ўлдирилмаган? Қайси ҳукмдор бошқа давлатни жанг билан эгаллаб олганда бирорта ҳам обида ёки уй-жойни бузмаган? Лоақал битта шундай жанг ёки шундай ҳукмдорни, Бобурийларни китоблардан - тариxдан ўчирмоқчи бўлган ҳиндлар кўрсатиб бера олармикан?

Бобурийларнинг Ҳиндистон маданияти, арxтектураси, давлат тузилиши ва бошқаларига қўшган ҳиссаси ҳақида эса ёзиб ўтирмоқчи эмасман. Бу ҳақида ўқувчи мендан ҳам кўпроқ маълумотга эга бўлса керак.

Икки соат давомида шунга амин бўлдим: Бобурийлар ва уларнинг Ҳиндистонга қўшган ҳиссасига тўғри баҳо бера оладиган ҳиндлар Бобурийларни тариxдан олиб ташлашни талаб қилаётган ҳиндлардан аанчагина кўп экан. Ва Бобурийлар ҳинд китобларидан олиб ташланмайди. Шунчаки, бир қанча миллатчилик кайфиятидаги ва Исломни (Исломга эътиқод қилгани учун Бобурийларни ҳам) ёқтирмайдиган ҳиндлар бироз ваҳима қилибди, xолос.





Tuesday, June 30, 2015

Yangi sahifa

Muallif ruxsatisiz blogpostlardan nusxa ko`chirish hamda saytlar, ijtimoiy tarmoqlar va boshqa yerlarda chop etish, yozib qoldirish ta`qiqlanadi.   

Bugun shaxsiy blogimda yangi sahifa ochdim. Ushbu sahifada nimalarni yozib borishimni ayon qilishdan oldin, ba`zi narsalar haqida aytib o'tmoqchiman.

Bir vaqtlar, maftunkor va yoqimtoy bo'lgan qizni ko'rsam, darhol "sevib" qolaverardim. Men tomonimdan bu tarzda "sevib" qolingan qizlar 50 dan ortiqroq, balki 100 dan ortiqroqdir. Aniq bilmayman. Ularning ko'pchiligi bilan hatto gaplashmaganman ham, bunga o'ta odamoviligim sabab bo'lgan. Ularni shunchaki, "sevganman", xolos. Shu bilan birga, mening bu tarzdagi "sevgim" bir necha oyga, ya'ni boshqa bir yoqimtoy qizni ko'rib qolgunimcha davom etardi. 

Keyinchalik tushundimki, aslida, u qizlarni sevib qolmaganman ekanman. Hissiyotga beriluvchan va ta`sirchan bo'lganligim tufayli, qizlarning go'zalligi meni o'ziga tez jalb qilar va men buni sevgi, deb o'ylab yurar ekanman.  

Bu - qizni emas, go'zallikni sevish edi. Go'zallikni sevish shunday bo'ladi: siz avval go'zallikni ko'rasiz, unga mahliyo bo'lasiz; so'ng undanda maftunkorroq yoki o'zgacharoq go'zallikni uchratasiz va bunisi avvalgisidan ko'ra jozibali tuyuladi; yoqtirib qolasiz, keyin avvalgisining ahamiyati kamayadi. Bu holat tinimsiz davom etaveradi. Bora-bora oldingi go'zalliklarning ko'pchiligi yodingizdan chiqa boshlaydi. 

Qizni sevish esa butunlay boshqa: qiz faqat uning maftunkorligi, go'zalligi uchun sevilmaydi. Bunda uning xarakteri, odob va axloqi, dunyoqarashi, mehri va hissiyotlari, ba`zi beozor ahmoqliklari, noz va injiqliklari hamda boshqa xislatlari ham seviladi. Va to'la ishonch bilan aytamanki, haqiqiy sevgida bu xislatlar tashqi go'zalllikdan anchagina ustun. Har xolda, men uchun shunday.

U paytlarda men shunchalik sodda, qo'polroq qilib aytadigan bo'lsam, shu qadar anqov bo'lgan ekanmanki, har safar boshqasini yoqtirib qolganimda, "Bundan oldin nechtasini yoqtirib qolganman va unutganman. Bunisi ham shundaylardan biri", deb o'ylamas, uni chindan sevib qoldim, deb xayol qilardim. Va navbatdagi "sevgim" haqida doim
o'ylab yurar, unga atab she`rlar yozar hamda ba'zida ruhiy jihatdan qattiq qiynalar edim. Bu mening  tabiatim edi. Tan olaman, hozir ham bu tabiat meni tark etgani yo'q. Lekin avvalgi holatimdan farqli ravishda, hozirda tabiatimni anchagina boshqara bilaman. Bu esa meni har qanday go'zal va maftunkor qizni ko'rganimda, uning ham meni sevib qolishini xohlashdan, bu uchun harakat qilishdan va ruhiy
qiynalishdan xalos qilgan. 

Sizdan  shuni so'raymanki, mening bu tabiatim uchun ayblamang, yomon ko'rmang. Inson qandaydir xususiyatga ega tabiat bilan tug'ilganligi uchun aybdor bo'lmaydi, bu insonning o'ziga bog'liq bo'lgan holat emas. Lekin inson salbiy yoki yoqimsiz natijalar keltiradigan tabiatga ega bo'lib, ushbu tabiatini  boshqara olmasa, uni ayblash va zarur bo'lsa, jazolash ham mumkin. Zero, inson ongli mavjudod va o'z hatti-harakatlarini boshqara olish imkoniyatiga ega. 

Men hissiyotlarga boy bo'lgan bu davrimda, ko`pgina qizlarga atab she`rlar yozganman. She`r qaysi qizga atalgan bo'lsa, she`rda uning ismi yashirilgan bo'lardi. Bundan tashqari, she`rda, iloji boricha, qizning xarakterini ham yoritib o'tishga harakat qilardim. Shu bilan birgalikda, asosiy maqsad qiz ismini she`rda aks ettirish bo'lganligi sababli, she`rlarning ba'zilari mantiqiy izchillikka asoslanmagan holda yozilardi. 

Bunday she`rlar anchagina - 100 dan ortiq. Balki ko'proq hamdir. Bugun blogimda ochgan yangi sahifamda, o'sha she`rlarni birma-bir topib, yozib boraman. Istardimki, she`rlarni o'qiyotganda, ularni haqiqiy muhabbat natijasi emas, yoshlikning o'tkinchi hissiyotlari natijasi, deb tushuning.

Mana bu yerdan she`rlar yozilgan sahifaga o'tishingiz mumkin: http://maqsudxon3.blogspot.jp/