Sunday, August 28, 2016

Вишканя - мафтункор қотиллар

Вишканя - қадимги Ҳиндистондаги ёлланма қотиллар. Вишканялар фақат гўзал ва мафтункор қизлардан танлаб олинган. "Вишканя" атамаси санскритча "виша" - "заҳар", "каня" - "қиз" сўзларидан олинган бўлиб, "Заҳарли қиз (аёл)" маъносини англатади.

Вишканяларни тайёрлаш учун кўплаб ёш қизлар танлаб олинган ва уларга ёшлигидан маълум вақтларда кам миқдордан заҳар истеъмол қилдириб борилган. Бунинг натижасида қизлар танасида заҳарланишга қарши иммунитет ҳосил бўлган. Бундай иммунитетга эга бўлган қизлар заҳарли овқатлар ёки ичимликларни истеъмол қилса ҳам, маълум даражада таъсири билинса-да, яшашда давом этаверган. Танлаб олинган қизларни вишканя сифатида тайёрлаш ўта эҳтиёткорлик билан олиб борилган. Шунга қарамай, тайёрлов жараёнида уларнинг катта қисми заҳарланишдан вафот этган.


Вишканя ҳайкали

Вишканяларни тайёрловчилар асосан шоҳлар, рожалар ва бошқа зодагон қатламлар бўлиб, улардан ўз душманларини ўлдиришда фойдаланганлар. Вишканяларнинг вазифаси душман шоҳ ёки рожани кўнглини овлаш, уларнинг ҳарамига кириш ҳамда бирга овқатланаётганда ёки ичимлик ичаётганда уларга заҳар қўшиб юбориш орқали заҳарлаш ҳисобланган. Ҳеч қандай шубҳа уйғотмслик учун заҳарланган маҳсулотни вишканялар зодагонлар билан биргаликда истеъмол қилган. Натижада зодагонлар заҳарланган ва тез орада вафот этган. Ёшликдан ривожланган иммунитет эса вишканяларни заҳарланишдан сақлаган (баъзида заҳар таъсири вишканяларда ҳам кузатилади: иситмаси кўтарилади, боши оғрийди ва ҳк. Лекин улар тезда тузалиб кетган).

Вишканяларнинг энг кўп фойдаланилган тури танида (қонида, сўлагида ва бошқа тана суюқликларида) инфексия сақловчилари ҳисобланган. Улар деярли барча ҳолларда ўлимга сабаб бўлувчи ўта зарарли инфексияларга қарши иммунитет ҳосил қилиш билан биргаликда, ўз танида шундай инфексияни олиб юрганлар. Улар билан жинсий алоқага киришиш, ўпишиш, уларнинг сулаги ёки қони теккан идишдан нимадир истеъмол қилиш инфиксиянинг юқтириб олинишига сабаб бўлган. Бундай инфексияни юқтириш эса, деярли барча ҳолларда, ўлим билан якунланган. Вишканяларнинг бу тури баъзида шоҳлар, рожалар ва бошқа зодагонлардан ташқари, душманнинг бутун бошли ҳарбий қисмларини қириб юборган деб келтирилади ҳинд адабиётларида.

Вишканялар ҳақидаги дастлабки тариxий ёзма манба император Чандрагупта (Мауря давлатининг асосчиси, мил. авв. 340-293) нинг вазири Чанакя томонидан ёзилган "Артxашастра" рисоласи ҳисобланади. Унда давлат ҳарбий сиёсатини юритишда вишканялардан фойдаланилгани келтирилган.

Вишканялар ҳинд адабиёти ва xалқ оғзаки ижодида тез-тез учраб туради. Масалан, классик Сансикрит асар ҳисобланган "Шукасаптати"да вишканялар ҳақидаги ҳикоялар мавжуд. Вишканялар ҳақидаги ҳикояларда улар билан жинсий муносабатда бўлиш албатта ўлимга олиб келиши, баъзи афсоналарда вишканларга қўл билан тегиш ҳам муқаррар ўлимга олиб келиши айтилади. Ҳозирги кун ОАВ ва адабиётида фоҳишалик билан шуғулланиш орқали жамиятда ОИТС ни тарқалишига сабаб бўлаётган аёлларга нисбатан вишканя атамаси ишлатилади.

Ҳозиргача вишканялар ҳақида бир қанча ҳинд филмлари ҳам яратилган. Ушбу мафтункор қотиллар ҳақидаги дастлабки филм 1943-йилда суратга олинган бўлиб (филм номи "Виша Каня"), унда бош ролни Леела Мисра ижро этган. 1991-йилда ҳам "Вишканя" номли ҳинд филми ишланган бўлиб, бош рол ижрочиси Поожа Беди ҳисобланади.

Фойдаланилган сайтлар:
wikipedia.org
listverse.com
quora.com
pinterest.com