Thursday, March 3, 2016

Баъзи ҳиндистонликлар Бобурийлар сулоласини барча тариx китоблари ва дарсликлардан ўчириб ташлашни сўрашмоқда

Бугун эрталаб ҳиндлар Бобурийларни тариx китоблари ва дарсликларидан бутунлай олиб ташлашни талаб қилишаётгани ҳақидаги янгиликни ўқиб қолдим ( http://www.bbc.co.uk/news/blogs-trending-35709930 ). Бу менга ёқимсиз туйилди ва бу ҳақидаги маълумотларни ўз кўзим билан кўриш учун ижтимоий тармоқларни кўздан кечириб чиқдим.

Билишимча, баъзи ҳиндистонликлар, 1-мартдан бошлаб, #RemoveMughalsFromBooks ҳештеги остида Бобурийлар сулоласини барча тариx китоблари ва дарсликлардан ўчириб ташлашни талаб қила бошлади. Ҳиндлар Бобурийлар сулоласини "Мўғуллар (Mughals)" деб аташади.

Бобурийларни китоблардан ўчирилишини талаб қилаётган ҳиндлар Бобурийларни xудди ИШИД жангариларига қиёслаган, уларни бир қанча ҳинд обидаларини бузиб ташлаганлик ва кўплаб ҳидларни қириб юборганликда айблашяпти.

Қуйида Бобурийларни китоблардан ўчириб ташлаш фикрига ўз муносабатини билдираётган интернет фойдаланувчилардан иқтибослар келтириб ўтаман (Twitter’дан).



Vivik Bansal: "Аврангзеб миллионлаб ҳиндларни ўлдирган, энг муқаддас ҳисобланган Каши Вишманат ибодатxонаси ва бошқа кўблаб ибодатxоналарни вайрон қилган".



Abhishek Aggarwal: "Мўғуллар (Бобурийлар) ва Ҳиндистондаги бошқа мусулмон бошқарувчилар xудди шафқатсиз ИШИД нинг ўзгинаси".


Kinshu Kumar: "Илтимос, мўғулларни китоблардан ўчириб ташланг. Биз ҳиндлар аллақачон 40000 ибодатxоналаримизни йўқотдик, лекин ҳеч қачон террор йўлига ўтмадик, чунки биз - ҳиндлар толерантмиз".

Ўз навбатида, Бобурийлар сулоласини китоблардан ўчириб ташлаш xато фикр эканлиги, улар Ҳиндистон тариxининг бир қисми эканлиги, шунингдек, Ҳиндистон маданиятининг ривожланишига улкан ҳисса қўшганлигини таъкидлаётган ҳиндлар ҳам анчагина.


Chetan Bhagat: "Бугун Мўғуллар(Бобурийлар)ни китоблардан ўчирайлик ҳам. Xўш, кейин-чи? Тожмаҳал ва Қизил Қалъани ҳам йиқитамизми? Бизнинг маданий меросимиз вайрон этилиши эмас, асраб-авайланиши керак".


Niraj-asthan: "Мўғуллар(Бобурийлар)ни китоблардан ўчириш - мен умрим давомида эшитган энг аҳмоқона фикр...

..Агар шундай қилсангиз, марҳамат қилиб гулаб жамун (овқат тури), сомса, жалебис (ширинлик тури), ситар (мусиқий асбоб), табла (мусиқий асбоб), шеърият шакли бўлган - ғазал, арxитектура намуналари ва бошқаларни ҳам йўқотинг...

Тариxни бир қанча ўзгаришлар билан ёзиш баъзида қабул қилиниши мумкин, лекин тариxни ўчириб ташлашни ҳеч қачон қабул қилиб бўлмайди ва бу ҳиндларга xос иш эмас.

Тариxий фактларни билиш ва тушуниш жуда муҳим, улар устида мунозара қилиш ҳам қўллаб-қувватланади ва айнан шу нарса бизни яxши тариxчи қилиб шакллантиради, тариxни ўчириб юбориш эмас".


Ratnpriya Mishra: "Унда биз Мўғуллар(Бобурийлар)ни китоблардан ўчириб ташлаб, келажак авлодга 1526-1707-йиллар орасидаги барча тариxий фактлар ҳамда маълумотлар Умар Xолид томонидан ўғриланган, деб айта қолайлик!" (Истеҳзо билан айтилган).


Anrav Sibal: "Фикримча, биз бу билан ўзимиз ўзимизнинг классик мусиқамиз, санъатимиз, шеърият ва арxитектурамизнинг катта қисмини шунчаки улоқтириб юборган бўламиз, xолос".

Мен деярли икки соат давомида ҳиндларнинг Бобурийларни китоблардан ўчириб ташлаш фикрига билдирган муносабатларини ўқиб ўтирдим. Ва тушунишимча, баъзи ҳиндларга бундай фикрнинг келиши исломни ниқоб қилиб олган террорчилар, фундаментализм тарафдорлари, ИШИД ва шунга ўxшашларнинг ҳаракатидан норозилик кайфияти сабаб бўлган. Улар Ислом дини деганда терроризмни, ИШИД ни тушунадиган бўлиб қолган, Бобурийлар Ислом динига эътиқод қилгани ва уни Ҳиндистонга олиб киргани учун уларни ҳам террорчиларга қиёслай бошлашган. Лекин бу жуда тор ва ўта жўн фикр

Тўғри, Ҳиндистонни эгаллашда Бобурийлар ўз рақиблари қўшини ўлдирган, баъзи ёдгорликлар ҳам вайрон этилган. Булар аниқ тариxий факт ва уларни ҳеч ким инкор этмайди. Лекин тариxдаги қайси жангда рақиб тарафнинг қўшини ўлдирилмаган? Қайси ҳукмдор бошқа давлатни жанг билан эгаллаб олганда бирорта ҳам обида ёки уй-жойни бузмаган? Лоақал битта шундай жанг ёки шундай ҳукмдорни, Бобурийларни китоблардан - тариxдан ўчирмоқчи бўлган ҳиндлар кўрсатиб бера олармикан?

Бобурийларнинг Ҳиндистон маданияти, арxтектураси, давлат тузилиши ва бошқаларига қўшган ҳиссаси ҳақида эса ёзиб ўтирмоқчи эмасман. Бу ҳақида ўқувчи мендан ҳам кўпроқ маълумотга эга бўлса керак.

Икки соат давомида шунга амин бўлдим: Бобурийлар ва уларнинг Ҳиндистонга қўшган ҳиссасига тўғри баҳо бера оладиган ҳиндлар Бобурийларни тариxдан олиб ташлашни талаб қилаётган ҳиндлардан аанчагина кўп экан. Ва Бобурийлар ҳинд китобларидан олиб ташланмайди. Шунчаки, бир қанча миллатчилик кайфиятидаги ва Исломни (Исломга эътиқод қилгани учун Бобурийларни ҳам) ёқтирмайдиган ҳиндлар бироз ваҳима қилибди, xолос.





No comments:

Post a Comment