Monday, December 19, 2016

Суҳбат

A: Қўйсангчи шу покқалблилигингни. Гуноҳ бўлади, яхши эмас, тўғри эмас деб дунёдаги ҳамма лаззатни четга сурасан. Мавжуд бўлмаган Худога ишонасан, йўқ Дўзах азобидан чўчийсан, уйдирма бўлган Жаннатдаги мукофотни орзу қиласан. Бу билан фақат бир марта берилган ҳаётни лаззатларсиз исроф қиласан. Сен адашяпсан. Бунинг устига шунчаки эмас, кулгули даражада адашяпсан. Мазза қилиб яшасанг-чи!

B: Тескариси ҳам бўлиши мумкин-ку. “Балки мен адашётгандирман” деб ҳеч ўйлаганмисан? Кел, ҳар иккаламизнинг қарашларимизга алоҳида назар ташлаб кўрамиз.

Биринчи ҳолат: айтайлик, сен ҳақсан – Худо мавжуд эмас, Жаннат ва Дўзах шунчаки уйдирма. Лекин  инсон бу уйдирмаларга ишонади. Ишонгани учун нафсини тийиб, бошқаларни оз бўлса-да алдаш йўли билан пул орттиришга ҳаркат қилмайди, анча қийналиб қолганида ҳам. Уларнинг ҳақидан қўрқади. Ҳирсига эргашиб ҳар икки куннинг бирида номаҳрам аёллар билан вақтичоғлик қилишдан, лаззатланишдан, ёш қизларни авраб, уларни йўлдан уришдан тийилади. Вақти келиб, қайта тирилганимда Худо мени жазолайди, деган ўй билан ўзини гуноҳ деб кўриладиган моддий дунё лаззатларидан чегаралайди. Ҳаёти шундай ўтади. Бир куни у ўлади ва ҳеч қачон қайта тирилмайди.

Биласанми бу ҳолатнинг моҳияти нимада? - У айнан шундай яшаганидан ҳеч қачон пушаймон бўлмайди ва бу учун азоб чекмайди. Чунки у ўлган, бирор бир нарсани ҳис қилиш, эслаш, пушаймон бўлиш, сезиш қобилиятига эга эмас.

Иккинчи ҳолат: энди Худо бор, Жаннат ва Дўзах, қилинган яхши амаллар учун мукофот ҳамда салбий амаллар учун жазо муқаррар деб тасаввур қиламиз. Лекин инсон бунга ишонмайди. Ҳаёт фақат бир марта берилган, шу учун барча хоҳишимларимни, улар қандай бўлишидан қатъи назар, имкон қадар амалга оширишим керак деб ўйлайди. Кўпроқ пулга эга бўлиш учун одамларни алдайди, балки ўғрилик қилар, бошқаларнинг ҳаққини ейди. Яхшилик қилиш ҳақида ўйламайди. Аёллар, ёш қизларни йўлдан уради ва ҳирсини, нафсини қондиришнинг исталган усулини дунё лаззати, неъмати деб атай. Умри шундай лаззатлар ва кўнгилхушликлар билан ўтади. Ва қачондир ўлади.

Бироқ вазият у ўйлагандек бўлиб чиқмайди – у қайта тирилади. Ҳаммасини англаган, тушинган ва ҳис қилган ҳолда қайта тирилади ҳамда Дўзахга, азобга маҳкум бўлади. Бу дунёдаги қилган ишларидан қаттиқ пушаймон бўлади. Лекин энди фойдасиз. 

Бу иккала вазиятдан қандай фикрга келиш бутунлай ўз ихтирёриннга боғлиқ. Лекин мен иккинчи вазиятдаги адашишдан кўра, биринчи “адашиш”ни афзал биламан.

Ҳа, айтганча, биринчи йўлни танлаб ҳам моддий дунё неъматларидан ва лаззатларидан етарлича баҳраманд бўлиш мумкин, ишонавер. 

2 comments: