Кўпчиликнинг
хабари бор - деярли бир ойдан бери навбатдаги Блогерлар Чепионати давом
этаётганди (бугун тугади) ва мен Чемпионат ҳакамларидан бири сифатида иштирок
этдим. Ҳакамлик осон эмас, бу менга олдиндан аён эди. Чемпионат давомида эса
бунга яна бир бор ишонч ҳосил қилдим. Ўзим ҳакам сифатида қатнашганим учун,
ушбу постда Чемпионатнинг ўзи, блогпостлар ёки блогерлар ҳақида эмас, ҳакамлар
ва улар дуч келган ҳолатлар ҳақида қисқача маълумот бериб ўтмоқчиман.
1. Блогер таклиф бериши шарт эмаску!
Бир
қанча ҳакамлар томонидан баъзи постларга “муаммони ҳал қилиш юзасидан таклиф
берилмаган” қабилидаги изоҳлар қолдирилди (мен ҳам шу каби изоҳ ёзганман).
Бунга эса блогерлар, баъзида муштарийлар ҳам “Блогер таклиф беришга мажбур
эмаску! Қаердан олдингиз таклиф берилиши керак деган гапни?” деб эътироз
билдиришди. Ҳакам сифатида шу ҳолатга изоҳ бериб ўтаман: Сиз ҳақсиз, блогер
таклиф беришга мажбур эмас. Лекин муаммони ёритган ва унга асосли, амалда
қўлласа самара бериш эҳтимоли бор таклифларни ўз ичига олган пост ва муаммони
ўзинигина кўрсатган ҳамда таклиф берилмаган пост ўртасида фарқ етарлича катта. Шундай
экан, ҳакам постга нега нисбатан пастроқ баҳо қўяётганини изҳолаш учун “таклиф
берилмаган” деб изоҳ қолдирилиши Чемпионат доирасида нормал ҳолат. Бундан
ташқари, асосли таклиф берилган постга юқорироқ, таклифсиз постга пастроқ баҳо
қўйилган бўлса, Чемпионатдаги постларни баҳолаш юзасидан нотўғри қилинган деб
ўйламайман. Чунки постлар айнан Чемпионат доирасида ва бир-бирига нисбий
равишда баҳоланмоқда.
Шу
ўринда, Чемпионат низомининг 5.4 бандини ҳам келтириб ўтиш мақсадга мувофиқ:
5.4.
Блогпостларни баҳолашда қуйидаги мезонларга асосланилади:
- мавзу (ғоя)нинг оригиналлиги;
- ижтимоий аҳамияти;
- матннинг имло хатолардан холилиги, видео, аудио ва фотоблогларда эса техник қусурлардан холилиги, сифати;
- муаллифнинг шахсий фикри мавжудлиги, айтмоқчи бўлган фикри (ғояси)нинг тугаллиги;
- ечим ва таҳлилнинг мавжудлиги;
2. Пост яхши бўлса, баҳо нега “5”
эмас?!
Шундай
постлар бўлади - ёзилган ҳамма нарса тўғри, ифода ҳам яхши, грамматик,
орфографик жиҳатдан ҳам деярли камчиликсиз. Бундай постлар кўп, айниқса
финалдага деярли барча постлар шундай (истиснолар бор). Лекин ҳакам сифатида
энг яхши деб билган постларимгагина “5” қўйдим. Қолганларига эса уларга нисбатан баҳо қўйдим.
Лекин нисбатан пастроқ баҳо қўйган бўлсамда, изоҳга “Пост яхши ёзилган. Мавзу ҳам
долзарб”
қабилида ёзиб қолдирган пайтларим кўп бўлди. Ҳакамлар “Яхши ёзилган экан, нега “5”
қўйилмаган?” деган эътирозни эса анчагина эшитишимга тўғри келди. Ваҳоланки,
яхши ёзилган постлар ҳам қайсидир жиҳатидан бир-биридан фарқ қилади. Айтайлик,
биринчи постда фикрларнинг ҳаммаси тўғри, хатолар йўқ ва ифода усули ўқувчини
ишонтира оладиган даражада келтирилган. Иккинчи постда ҳам фикрларнинг ҳаммаси
тўғри, хатолар йўқ. Лекин уни ўқиган одам “Ҳа, чиндан шундай” демаслиги мумкин
(агар ўзи шу мавзу билан нормал таниш бўлмаса). Ёки постнинг ўқувчини ишонтира
олиш даражаси биринчисиникидан анча кам. Бундай постларнинг самаралилик
даражаси ҳам юқори эмас. Кишилар уни ўқиши мумкин, тўғри эканлигини билиши ҳам
мумкин. Бироқ постда ифодаланган фикрларга амал қилмайди, чунки улар кучсиз
ифода этилган. Ўқиб турган постидаги маълумот/тавсияга ишонмаган киши унга амал
қилмаслиги кундек равшанку. Шундай экан, блогерлар “Нимани айтиш ҳар доим ҳам муҳим
эмас, лекин қандай айтиш ҳар доим муҳим” деган қоидани ёдларида
тутсалар, ёзганларининг таъсири кучлироқ бўлишига эришадилар. Шахсан мен “Яхши
ёзилган” деган изоҳ қолдирган, лекин “5” қўймаган ҳар қандай постларимда шу
жиҳатни ҳисобга олганман. Ушбу масала юзасидан ҳакамлардан бири Қаҳрамон
Аслонов фикрини ҳам келтириб ўтаман (таҳрирсиз келтирилмоқда) “бу худдики, энг
чиройли голлар буйича конкурс булса, узокдан жуда зур урилган голни ғолиб
килинса, оддий гол урган одам келиб, “маникиям голку, четсний урилганку, каери
камчилик бу голни” дегандек”.
3. Изоҳ қани?!
Чемпионатда
ҳакамликнинг энг қийин тарафи - изоҳ қолдириш (мен учун). Изоҳ қолдириш менга
постдан атай камчилик қидиришдек туюлади. Кўп ҳолларда қайсидир пост чиндан
яхши ёзилган бўлсагина изоҳ қолдирдим. Камчиликлари мавжуд, нисбатан пастроқ
баҳога лойиқ деб топган постларимга, кўп ҳолларда эса, “яхши” баҳо қўйган
постларимга ҳам изоҳ қолдира олмадим. Бу ҳаракатимга ҳозир ҳам қандай изоҳ
беришни билмаяпман. Ва изоҳсиз қолдирган постларимнинг муаллифлридан ўз узримни
сўрайман.
Юқоридаги
каби ҳолатларни жуда кўп ва хўп санаш мумкин. Лекин мен шахсан ўзим энг кўп дуч
келган 3 та ҳолат билангина чегараланишни маъқул топдим. Балки ҳакамларнинг баъзилари кейинчалик
бошқа ҳолатларни ҳам ёритиб ўтишар.
Хулоса қандай?
Нима
бўлганда ҳам, навбатдаги Чемпионатнинг ташкил ижобий ҳолат. Камчиликлар бор,
устида ишланиши керак бўлган жиҳатар мавжуд. Бу ҳақида ижтимоий тармоқларда
блогерлар ва муштарийлар томонидан ҳозиргача анчагина фикрлар билдирилди ва
ишончим комилки, яна билдирилади. Ташкилотчилар билдирилган ва бидирилажак
фикрларни, эришилган тажрибани ҳисобга олиб, кейинги Чемпионатда камчиликларни максимал даражда бартараф этишади деб
умид қиламан. Нега бутунлай эмас, максимал даржада деб айтдим? Чунки мутлақ
ҳақиқатнинг, адолатнинг ўзи йўқ. Кимнингдир ҳолатини ҳисобга олиб қилинган
ўзгариш яна ким учундир салбий бўлган бошқа бир ҳолатни юзага келтириш эҳтимоли
ҳар доим мавжуд ва юқори.
Ташкилотчиларга,
блогерларга ва муштарийларга Чемпионат учун, иштирок учун ва беэътибор
бўлинмаганлик учун ўз миннатдорчилигимни билдирманан. Ғолибларга ғалаба
муборак!
No comments:
Post a Comment