84 ёшли бобом бор, отамнинг отаси. Қачон қишлоққа борсам,
албатта бобомни кўриб келаман. Бобом кўп гапирмайди, лекин ҳар гапирганида
аризли гапиради, эшитгулик ва амал қилгулик гапиради. Охирги марта ўтган
якшанба куни бобом билан кўришдим. Доимгидек у менга “енг”, “олинг” деб роса
овқат едирди. Кейин вазминлик билан сўз бошлади:
“Юрт тинч, халқ фаровон бўлиши учун 4 муҳим омил зарур дейди
алломалар. Биринчиси – подшоларнинг адолати. Подшо қанча қудратли бўлмасин, адолатли эмас экан,
мамлакатда норозилик кайфияти шаклланади, халқнинг ишончи йўқолади ва халқ
орасида парокандалик бошланади.
Иккинчиси – олимларнинг маърифати. Олим ғоят билимли
бўлса-ю, маърифатсиз бўлса, билим тўғри фойдаланилмайди. Унинг билими халққа
эмас, қудратлилар манфаатига хизмат қилишни бошлайди.
Кейингиси – бойларнинг саховати. Бойлари сахий бўлмаган
юртнинг ривожи юрмайди. Бой киши мулкидан эҳсон қилиши керак. Ғарибларга ёрдам
қилиши керак, мактаблар қўллаши керак, маърифат марказларини қувватлаши керак.
Охиргиси – камбағалларнинг сабр-қаноати. Камбағаллари сабрли
ва қаноатли бўлмаган мамлакатда жиноятчилик авж олади, ўғрилик, талончилик авж
олади.
Имкон қадар олим бўлинг, маърифатли олим бўлинг”.
No comments:
Post a Comment