Ҳикоя реал воқеалар асосида ёзилган, бадиийликни ошириш учун айрим ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган. Жой номлари, мактаб рақами аслича қолдирилган. Бироқ қаҳрамонлар исми ўзгартирилган. Ҳикоя ушбу воқеанинг шахсан иштирокчиси бўлган бола номидан сўзланади.
Исмим Эшмат. Нарпай туманидаги «Хўжалар» деб номланувчи йўллари илма-тешик қишлоқда туғилганман. Нарпай тумани Самарқандда. Ҳозир университетнинг 3-босқич талабасиман.
Университет дарсларини жиним суймайди. Зерикарли. Ҳар ҳолда кечаси 12 да мажбурлаб ҳам келтиролмайдиган уйқум дарс пайти ўз ихтиёри билан қадам ранжида қилади. Кўзларим юмилиб, ухлаб қолавераман. Шу учун дарсларни зерикарли деб биламан.
Яқинда бобомиз Алишер Навоийнинг 579 йиллиги нишонланиши ҳақида ўқитувчилардан бири айтиб қолди. Бу менга қишда томидан чакки ўтиши, томчилаётган сув полга тушмаслиги учун тувакка экилган гуллар қўйиб қўйилиши билан ёдимда қолган мактабимиздаги бир воқеани эсимга солди.
Бу воқеа мен учун кулгили бўлиб туюлади. Кўплаб синфдошларим учун ҳам. Лекин мактабдаги она тили ва адабиёт ўқитувчиси Ҳасан маллим учун кулгили туюлмайди. Бу воқеа эсига тушса, унинг жаҳли чиқади. Балки алами келар ёки ичи ачир, аниқ билмайман. Билганим – унга ушбу воқеани эслатсангиз, оппоқ тишларини кўрсатиб жилмайиб қўйишга уринадию, кўзида йиғламсираб турган боланинг нигоҳидаги ифода пайдо бўлади.
Ҳа-я, «маллим» дегани нима бало бўлди, деб ўтирган бўлсангиз керак. Маллим – «муаллим» сўзининг жиддий фонетик ўзгаришга учраган шакли. Мактабимизда ўқувчилар ўқитувчиларга «маллим (муаллим)» деб мурожаат қилади.
Чўзилиб кетди. Воқеани айтишни бошлай қолай.
«Хўжалар» қишлоғидаги 43-мактабда ўқиганман. Ҳасан маллим 5-9-синфларда бизнинг синф раҳбаримиз бўлган. Табиатан феъли юмшоқ, меҳрибон одам. Ҳамма адабиёт ўқитувчилари шундай бўлади, одатда. Лекин у қаттиққўл ва важоҳатли бўлишга уринарди. Уринарди эмас, мажбур бўларди десам тўғрироқ бўлар, балки. Бизга ўхшаган ўқувчиларни мулойимлик билан бошқариб бўлмайдида.
Ҳасан маллим ўзи дарсга кирадиган синфлардан энг яхшисини мактабда ҳар йили ўтказиладиган «Навоийхонлик» тадбирига тайёрлаб юрарди. «Навоийхонлик» – синфлар ўртасидаги Алишер Навоий хотирасига бағишланган танлов. Унда қатнашувчилар Навоийнинг ҳаёти ва ижодига оид саволларга жавоб бериш, саҳна кўринишлари ва яна бир нарсалар қилиш билан беллашарди. Ҳакамлар ғолибни танлаб, уларни фахрий ёрлиқ билан тақдирларди. Яна бошқа мукофотлар ҳам бериларди, лекин фахрий ёрлиқдан бошқаси аниқ ёдимда эмас.
2011 йил, қиш, декабрнинг ўрталари. Ҳасан маллим шу пайтдан «Навоийхонлик»ка тайёргарлик тараддудига тушиб олган. Бу йил 5-синфлардан бирини танлаган. Раҳбаримиз бўлгани учун бизни ҳам танламоқчи бўлганди муаллимимиз. Лекин бизни «Навоийхонлик»ка тайёрлаш жанг бошланишидан олдин харакири (1) қилиш билан баробар эди. Барибир юта олмасдик.
Ҳасан маллим бизни адабиётга, айниқса, Навоийга қизиқтиришга тиришарди. У дарсларда айрим синфдошларим «қизиқарли» деб эътироф этган турли ҳикояларни айтиб берарди. Менга улар қизиқ туюлмаган.
Масалан, бир қиз (қайсидир достон ёки ҳикоядан бўлса керак) бузоқчасини ҳар куни қандайдир сабаб билан (сабаби эсимда йўқ) пиллапоя орқали баланд бинога кўтариб олиб чиқиб, яна олиб тушавергани, натижада ўша бузоқ катта ҳўкиз бўлганидан кейин ҳам уни кўтариб, зинадан бемалол олиб чиқа оладиган бўлиб қолгани; Навоий бобомиз бир неча асрлар олдин ўз асарларида роботлар, телевизорлар тўғрисида ёзиб қолдиргани ҳақида ҳикоя ва тарихий воқеаларни айтиб, бизни ҳайратга солишга ҳаракат қиларди.
Бу ҳикоялар менда ҳайрат уйғотмасди. Ўша пайтлари, маллимимиз ҳикояларини тинглар эканман, худди ҳозиргидек, нега тунда эмас, дарсда уйқум келаверишидан кўпроқ ҳайратланардим.
Э, яна ўтлаб кетдим. Хуллас, декабрь. Қиш – қишлоқ аҳолиси учун ёмон нарса. Бошга тушган кулфат деса ҳам бўлади. Баъзи йиллари қиш шу қадар совуқ келардики, айримларнинг оғилхонасидаги моллари музлаб, ўлиб қоларди. Баъзилар, масалан, қўшниларимиздан бири ҳаво жуда совиб кетса, молларини ўзлари ётадиган уйининг даҳлизига ёки туташ хонасига киритиб қўярди.
Одамлар музлаб қолмасди лекин. Ўша пайтлари одамлар моллардан кўра совуққа чидамлироқ экан, шу учун қишда музлаб ўлмайди деб ўйлаб юрардим. Аслида эса, совуққа чидамлилик борасида инсонлар моллар билан беллаша олмаслигини, шунчаки, одамлар ўтин ёқиш, кўрпага ўраниш, қават-қават кийиниш, баъзан уй ичида анжумания (2) ва бошқа жисмоний машқлар қилиш (асосан, ёшлар) орқали ўзларини иситгани учун моллар каби музлаб ўлиб қолмаслигини кейинроқ тушуниб етганман. Ўзим ҳам уйда совуқ қотсам, роса анжумания қилардим. Қишда анжумания қилавериб, качок бўлиб кетардим.
Мактаб ҳам совуқ эди. Чунки иситиш тизими йўқ эди. Мактабга карамга ўхшаб қат-қат кийимлар оғушида борардик. Мен ҳар доим иккита пайпоқ киярдим. Аслида уч ёки тўртта пайпоқ кийиб бормоқчи бўлардим, лекин иккитадан кўп пайпоқ кийсам, пойабзалим сиғмай қоларди. На чора.
Ёмғир ёғса ёки қалин ёққан қор эрий бошласа, иккинчи қаватдаги айрим (балки кўпчиликдир) синфлардан чакки ўтарди, яхшигина. Пол сувга ботмаслиги учун тувакка экилган гулларни туваги билан сув тушаётган ерларга қўйиб қўярдик.
Қайсидир амаки ҳамма мактаб боласи уйидан баклашкада қайноқ сув олиб келиб, синфга териб қўйиш кераклиги ҳақида маслаҳат берганди. Бу хонани иссиқроқ тутишга ёрдам бераркан. Лекин бирор синфда бундай қилинганини эслай олмайман.
Ўша йили кунлар совий бошлагач, синфхоналарга юпқа тунука печкалар қўйилди. Инновация! Печка таъминоти ислоҳоти ўқувчилар кайфиятига қандай таъсир қилгани эсимда йўқ, лекин ота-оналар роса севинганди. Айтганча, печка учун пул ота-оналардан йиғилган бўлиши ҳам мумкин. Балки улардан йиғилмагандир.
Орадан бироз вақт ўтиб линейка (3) бўлди. Ҳар бир ўқувчи уйидан ҳар куни оз-оздан ўтин олиб келиши кераклиги айтилди. Давлат томонидан кўмир берилиши ҳақида ҳам гаплар бор эди, озроқ келганди ҳам. Лекин дарров тугаб қолди.
Биз – «7-Д» синф ўтин олиб бориш борасида энг пассивлардан бўлганмиз. Масалан, шахсан мен кўпи билан 2-3 мартагина ўтин олиб борганман (уйимизни иситгани ўтин етмайдику, мактабга ташишга йўл бўлсин). Ёмғир ва қорда ҳўл бўлган ўтинларни олиб бориб синфни тутатиб юборардик кўпинча.
Ўтин сиёсати юзасидан ўқитувчи ва замдиректордан (4) кўп дакки эшитганмиз. «Олиб келсанглар, ўзларинг иссиқ ўтирасиларку, тирранчалар», – деб уришиб беришарди.
...2012 йил январь ойи охирлари. Дарс тугагач, учраб қолган бирор қизга қитмирлик қиламан деб мактаб залида айланиб юргандим. Синфимиз ёнидан ўтаётсам, Ҳасан маллим ва болаларнинг овозини эшитдим. Қизиқсиниб эшик тирқишидан мўраладим. Қарасам, 5-синфлар саҳна кўриниши қиляпти. Биттаси катта тўртбурчак картон қути кийиб олган. Уни аниқ таърифлашга ҳаракат қиламан: Катта, тўртбурчак қалин картон, устига бош сиғадиган кичкина тўртбурчак картон ёпиштирилган. Одамнинг юзи кўриниши учун олд томони катта тешилган. Қўллар чиқиб туриши учун ёнларида ҳам 2 та тешик, яна қорин қисмида каттароқ бир тешик бор (Навоий асарида темир одамнинг жони қорнида бўларди, адашмасам). Устига қалинроқ қандайдир селлафанлар ҳам қопланган.
Картон ичидаги боланинг ёнида эса эгнига чопон кийиб, бошига салла қўндириб олган яна бир бола ҳам бор. Шунда бу саҳна кўриниши Ҳасан маллим қайта ва қайта айтаверадиган, Навоий ёзиб қолдирган «Фарҳод ва Ширин»даги Фарҳоднинг Темир одам билан учрашуви эканлигини дарров тушундимда, қўл силтаб, йўлимда давом этдим.
Эртаси куни маллим ҳалиги картон роботни кўтариб келиб, синфдаги китоб жавони ёнига жойлаштириб қўйди (синф – адабиёт хонаси, жавонда китоблар чиройли терилган, аксарияти Навоий асарлари эди). Кимдир маллимдан унинг нималигини сўради.
– Бу «Фарҳод ва Ширин»даги темир одам макети. «Навоийхонлик» учун. Тегманглар бунга, – деб қисқа тушунтириш бериб, шошиб чиқиб кетди.
Мен синфдошларимга бир кун олдин кўрганларимни айтдим. Ҳамма қизиқиб қолди. Дарс тугагач, 5-6 киши синфда қолдик. Жавон ёнидан роботни олдикда, бир-бир кийиб кўрдик. Ичида ҳаракатланиш унчалик қулай эмас, лекин қисмлари бир-бирига яхши маҳкамланган эди. «Эринмаган маллим-эй», деб қўйдик бир-биримизга қараб. Кейин картон роботни ўз ўрнига жойлаштириб қўйдик.
Совуқ кунлар давом этарди. Кўпинча ўқув куни охирига бормай синфимизда ўтин тугаб қоларди. Шундай кунларнинг бирида Ҳасан маллим дарси бошланди.
– Яна ўтинсиз ўтирибсиларми? – кириб келди маллим.
Мен жавон ёнидаги картон роботга қараб қўйдим.
– Маллим, роботни ёқайлик, – деб ҳазил аралаш таклиф билдирдим. Эвазига маллим мени ўқрайган ва жаҳлдор қараш билан сийлади. Юзлари бўзариб кетди. Индамай кўзимни олиб қочдим.
Бундан бир неча кун ўтиб, директор завуч (5) билан бирга 1-соатдаги дарсимизга кириб келди. Ўтин йўқ, печка ёқилмаган эди.
– Нимага печка ёқилмаган? Синфком ким? Ёрдамчиси ким? – ғазаб билан сўроқлай бошлади директор. – Кейинги соат комиссия келади, қаердан бўсаям ўтин топиб ёқинглар! Ҳар куни печка ёниши керак! Ўзим учунмас, силар учун гапиряпман! – бақириб берди.
Комиссия ҳам худди қишдаги изғирин каби ёқимсиз эди: комиссия деса, ҳамма оёғи куйган товуқдай ҳар томонга лапанглаб югуриб қолар, бўлар-бўлмасга ўқитувчилар ўқувчиларга жаҳл қилишни бошлар, ҳамманинг кайфияти тушиб кетар, совуқ мактабимиздаги илиқ руҳият печкага қалаган нам ўтиндек тутаб, бир зумда йўқ бўлиб қоларди.
Аслида печкани ёқиш биз учун у қадар муҳим туюлмасди, ўтин топиш қийин бўлганидандир. Ўтинсиз келганимиз учун бизни енгилгина койийдиган ўқитувчиларимиз учун ҳам печка ёниши 1-даражали бўлиб кўринмасди. Лекин қишда комиссия келса, печканинг ёниши кун тартибидаги асосий масалага, ўқитувчиларнинг ўтин олиб келишдан бўйин товлаган болаларни енгилгина койиши ҳақиқий, дарғазаб уришишга айланарди.
Шундай қилиб, директор бизга бақириб-бақириб кетди. Танаффусда кимдир ўтинга кетгандай бўлди, баъзилар, улар қаторида мен ҳам жавон тагидаги эски, кераксиз бўлиб қолган дафтарларни ёқиш учун ола бошладик. Синф полидаги цинган пол бўлагини ҳам ёқиш учун олдик. Аслида у деярли бутун бўлиб, бироз дарз кетган ери бор эди, холос. Биз уни тортиб, мажбуран синдириб олдик.
Шу пайт хаёлимга яна робот келди – картон яхши ёнади, оддий дафтар қоғозидан кўра узоқроқ ёнади. Буни устига анча катта. Бир-иккита ҳамтовоқларим билан келишиб, роботни жавон ёнидан олдик.
– Фарҳодни душмани ролидан кўра ўтин ролига кўпроқ мос бу, – деди ишшайганча синфдошларимдан бири.
Тошмат «Мана бўмасам» деб роботнинг бошини юлиб олди, кейин ғичирлатиб йирта бошлади. Жараёнга биз ҳам кўмаклашдик. Роботни маҳорат билан майда бўлакларга бўлиб, печка ёнига чиройлигина қилиб тахлаб қўйдик. Сўнг уларни бирма-бир печкага тиқа бошладик.
Шу орада ўтин ҳам келиб қолди. Печкага ўтин тиқдик, орада картон бўлакларини ҳам тиқиб турдик. Хуллас печка ёнди, картонга қопланган қалин селлафан оловда тутаб, сасиб кетди. Қаттиқ сасиди.
Кейинги дарс – адабиёт дарси бошланди. Ҳасан маллим хонага кирди.
– Хонани саситиб юборибсиларку! – деди бурнини жийириб.
– Маллим роботингизни ёқдик, – деб юборди тўсатдан қизлардан бири кулимсираб.
Бирдан маллимнинг қиёфаси ўзгарди. Кўзлари катталашди. Ҳали партага қўйиб улгурмаган китобларини беихтиёр бармоқлари билан қаттиқ сиқа бошлади. Шунчалик қаттиқ сиққанидан, қўллари ҳам қалтираётганди. Нима дейишини билмай, бироз гарангсираб турди. Кейин китобларни жаҳл билан партага улоқтириб, удагаъйлаганча бақира кетди:
– Нимага ундай қилдинглар? Аҳмоқмисилар? Каллаларинг жойидами?! – аланглади бутун синфга.
Ҳамма жимиб қолди. Қизларнинг нафаси ичига тушиб кетди. Шунда айёрроқ қизларимиздан бирининг қимтинибгина тилга кириши вазиятни юмшатди:
– Директор печка ёқинглар деб бақирди... Комиссия келаркан, ўтин йўқ эди, – ҳурккан ва чорасиз оҳангда роботнинг ҳалокати сабабини изоҳлади секингина.
Синфга жимлик чўкди. Ҳасан маллим қаршисидаги совуқдан қўлларини маҳкам қовуштириб, бироз қунишиб, нигоҳини ерга қадаб турган қизчага бир муддат тикилиб турди. Синфдош қизнинг ўша пайтдаги ҳолати, юз ифодаси ва товуш оҳангини кўриб, унга менинг ҳам раҳмим келиб кетди. Балки айёрлик қилиш учун эмас, чин дилдан айбдорлик ва чорасизлик ҳисси билан айтгандир гапларини.
Маллим чуқур ва оғир нафас олиб, жаҳлини ичига ютгандек бўлди. Кейин юзини доскага қараб буриб олди ва кўзини ишқалай бошлади.
– Тутатиб, саситиб ташабсилар. Кўзим ачиб кетди, – деди у юзини доска тарафдан бурмай. Кейин шундоқ ҳам тоза доскани доска латта билан артиб, тозалай бошлади.
– Эшикни очиб қўйинглар, ҳид кетсин, – деди маллим. Очиб қўйдик.
Ҳасан маллимнинг бунчалик осон ҳовуридан тушишини кутмагандим. Қизнинг маъсума нигоҳи шунчалик таъсир қилдими ёки комиссия келиши арафасидаги фавқулотда ҳолат ўз таъсирини ўтказдими, билолмадим.
Дарс бошланди. Дарс ўрталарида директор билан яна 2 нафар нотаниш киши кириб келди. Ҳаммамиз шарт ўрнимиздан туриб, қойилмақом қилиб салом бердик: «Ассаломуу, алайку-ум!» Директор уларга нималарнидир тушунтиргандек бўлди. Бироздан сўнг чиқиб кетишди. Нотаниш кишиларга оловда ёнган роботнинг ҳиди ёқмаганлиги юз ифодаларидан сезилиб турарди...
Изоҳлар:
Харакири (1) – япон самурайлари орасида тарқалган ўз ошқозонини (қорнини) қилич ёки пичоқ билан кесиш орқали ўз жонига қасд қилиш усули. Самурайлар енгилиши аниқ бўлган вазиятларда душман қўлига тушиб, ғурури топталмаслиги учун харакири қилиш орқали ўз жонига қасд қилишган.
Анжумания (2) – русча «отжимания» сўзининг бузилган шакли.
Линейка (3) – русча «линейка»; мактабларда барча ўқувчи ва ўқитувчиларни тўплаб ўтказиладиган йиғилиш.
Замдиректор (4) – директор ўринбосари.
Завуч (5) – ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари.
Муаллифдан: мен ҳам ҳикоядаги 43-умумий ўрта таълим мактабида ўқиганман. 1982 йилда қурилган бу мактаб ҳозирга қадар (38 йил давомида) бирор марта капитал таъмирланмаган. Таъмирга муҳтож. Мутасаддилардан мактабнинг капитал таъмирига эътибор қаратишини сўраб қоламан.